Font-sizeA A A
Site colors:AA

Стандартлаштиришдан жорий этишгача

Ушбу шиор остида Самарқандда Халқаро электралоқа иттифоқи (ХЭИ)нинг IMS негизида 4G тармоқларини кенгайтиришга бағишланган минтақавий семинари бўлиб ўтди. 

Ўзбекистон Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги маълумотларига кўра, ХЭИ мутахассислари кўҳна Самарқанд шаҳрига янги алоқа стандартларини жорий этиш жараёни ва улар негизида интернет тармоғидан юқори тезликда ва барқарор фойдаланишни таъминловчи замонавий 4G тармоқларини яратиш истиқболларини муҳокама қилиш учун ташриф буюрди. 

Тадбирдан кўзланган асосий мақсад, 4G ва IMS технологияларини жорий этиш ва ривожлантириш соҳасида ХЭИга аъзо мамлакатлар ўртасида тажриба алмашишдан иборат. 

Жорий йилда минтақавий семинар мунозара майдончаси тамойили асосида ташкил этилди. Унинг ҳар бир иштирокчиси кўриб чиқилаётган мавзу бўйича ўз таклиф, ишланма ва тадқиқотлари натижаларини тақдим этиш, маърузачиларга саволлар бериш имкониятига эга бўлди. Шунингдек, семинар доирасида мутахассислар АТ-соҳаси учун қатор муҳим масалалар, жумладан, IMS майдончаларидан фойдаланган ҳолда 4G тармоқларини яратиш йўналишлари, бундай тармоқларни кенгайтириш ва уларнинг тармоқлараро ўзаро алоқаси масалаларини ҳал этишга оид асосий муаммоларни муҳокама қилди. Бундан ташқари, Ўзбекистонда IMS ва 4G технологиялари қўлланилишини меъёрий-ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солиш жараёни ўрганилди. 

IMS (IP Multimedia Subsystem) – электралоқада IP протоколи асосида мультимедиа маълумотлари узатишни таснифлашдир. Даставвал, у хизматларни тақдим этишнинг мультимедиа майдончаси сифатида ишлаб чиқилган бўлса, кейинчалик боғланишни тўлақонли назорат қилувчи ва турли тармоқлардан фойдаланган ҳолда ишловчи қурилмага айланди. Мультимедиа узатиш технологияси операторлар учун абонентларга турли хизматлар тақдим этиш асносида ўз даромадини ошириш имкониятини яратади, IP-протоколидан фойдаланиш эса кўп операцион харажатлар талаб этмайдиган эгилувчан тармоқ яратиш имконини беради. 

Семинар якунида IMS негизида мақсади 4G тармоқларини жорий этишда мобиль операторлар олдида турган муҳим масалаларни ҳал этишдан иборат халқаро стандартлаш йўналишлари муҳокама қилинди.

Манба:Uza.uz

Jan 18, 2019
181